Apple компанияси янги iPad Pro рекламаси учун узр сўради, унда турли мусиқа асбоблари ва санъат асарлари планшетга айлантириш учун гидравлик пресс остида йўқ қилинади. Бу ҳақда Ad Age портали хабар берди.
Apple компаниясининг маркетинг коммуникациялари бўйича вице-президенти Тор Мюрен узр сўради ва компания ижодкорликни рағбатлантирувчи маҳсулотлар яратишга интилаётганини айтди, бироқ реклама “мўлжалланган мақсадига етмаганини” тан олди. Шу муносабат билан Apple ушбу видеони телеканалларда кўрсатиш режаларини бекор қилди.
Ғайриоддий реклама нафақат фойдаланувчилар, балки ижодий доираларда ҳам эътирозга сабаб бўлди. Таниқли актёр Хью Грант рекламани “инсон тажрибасини йўқ қилиш” деб таърифлади, режиссёр Рид Морано эса Apple бош директори Тим Кукни танқидни жиддий қабул қилишга чақирди.
Реклама концепцияси iPad Pro’дан фильмлар томоша қилиш, мусиқа тинглаш ва яратиш, ўқиш, чизиш, видео ва суратга олиш учун фойдаланиш мумкинлигини кўрсатишдан иборат эди – гаджет ўша барча йўқ қилинган воситаларни бирлаштирган.
10 май ҳолатига кўра, видео Apple’нинг YouTube’даги каналида 28 минг дизлайк ва 20 минг лайкка эга.
Изоҳ (0)