Россиянинг Иваново вилоятида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг савдо уйи очилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов, Иваново вилояти ҳукумати вакиллари, Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, шунингдек, мазкур вилоят ишбилармон доира вакиллари қатнашди.
Савдо уйи Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди. Унда Made in Uzbekistan ёрлиғи остидаги Ўзбекистон саноатининг кенг ассортиментидаги юқори сифатли ҳамда рақобатбардош маҳсулотлари тақдим этилади ва сотилади.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳа икки давлат экспорт-импорт бозорини диверсификация қилиш, Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ҳамда ишлаб чиқарувчилари учун бизнес имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Апрель бошларида Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги савдо уйи рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ҳам Ўзбекистон савдо уйи очилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)