Германияга қарашли Lufthansa авиакомпанияси апрель ойининг охирига қадар Теҳрон ва Байрутга парвозларни тўхтатди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, немис авиакомпанияси хавфсизлик нуқтаи назаридан шу ой якунигача Эрон ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилган. Теҳрон ва Байрутга парвозлар тўхтатилиши ҳақидаги баёнот 18 апрель куни эълон қилинган.
“Lufthansa Group доимий равишда Яқин Шарқдаги хавфсизлик ҳолатини кузатиб боради ва баҳолайди. Расмийлар билан яқин алоқадамиз. Lufthansa’нинг Теҳрон ва Байрутга парвозлари 2024 йил 30 апрель, сешанба кунигача бекор қилинади”, — дейилади махсус компания баёнотида.
Теҳрондаги ҳукумат олдинроқ Суриядаги консуллигига уюштирилган зарбага жавобан Исроилга жавоб ҳужуми ташкил этган эди. Етти нафар эронлик ҳарбий офицер, жумладан икки юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлиши Теҳронни жиддий жавоб қайтаришга ундаган.
Изоҳ (0)