Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 15 апрель куни НАТОни Россия таъсирига қарши туриш учун Қора денгиз минтақасига нисбатан кенг қамровли стратегияни амалга оширишга чақирди. Бу ҳақда “Ukrinform” нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Кулеба НАТОни Қора денгизда фаоллашишга ва Россияни денгиздан бўғишга чақирган. Бу тадбирлар муваффақиятли бўлишига ишонч билдирган.
“НАТО Россиянинг зарарли таъсирини камайтириш ва минтақавий барқарорликни оширишга қаратилган алоҳида, кенг қамровли ва амбицияли Қора денгиз стратегиясини фаол равишда амалга ошириши керак”, — деган Дмитрий Кулеба Болгарияда бўлиб ўтган Халқаро Қрим платформасининг Қора денгиз хавфсизлиги бўйича иккинчи конференциясидаги видеомурожаатида.
Украина ташқи идораси вакили НАТОнинг Болтиқ ва Қора денгиз қанотини Россияга қарши мустаҳкам ҳимоя девори сифатида таъкидлаган. Бу қанотнинг минтақага барқарорлик ва тинчлик олиб келиши ҳамда минтақа давлатларининг иқтисодий ва савдо ўсишидан фойдаланишига имкон беришини билдирган.
“Талаб қилинадиган нарса — умумий мақсадларимизга эришиш учун қараш, стратегия ва умумий ҳаракатларда қатъийлик. Қора денгиз НАТО, тинчлик ва барқарорлик денгизига айланиши керак”, — деган ташқи ишлар вазири.
Кулеба НАТО раҳбариятига юзланиб, иттифоқ Украина ва Грузияга кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини айтган. Бусиз Қора денгиз стратегияси амалга ошмаслигини билдирган.
“Фақат Россиянинг мағлубияти ва Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг тўлиқ тикланиши Қора денгиз минтақасига барқарорлик, хавфсизлик ва кучли иқтисодий ривожланиш истиқболини олиб кела олади. Украина етарли даражада қўллаб-қувватланса, бундай натижага эриша оламиз”, — деган Кулеба.
Изоҳ (0)