Футбол бўйича Москванинг “Локомотив” ҳамда “ЦСКА” жамоалари ўртасидаги Россия Премьер Лигасининг 24-тур учрашуви якунига етди. Ушбу учрашувни Сергей Карасёв бош ҳакам сифатида бошқариб борди. Учрашув 3:3 ҳисобида жанговар дуранг билан якунланди.
44-дақиқада “Локомотив” ҳужумчиси Максим Глушенков майдон марказидан жарима майдончасининг ўнг томонига ажойиб узатмани амалга оширди, “Локомотив” ҳимоячиси Илья Самошников тўпни қабул қилиб олди ва “ЦСКА” дарвозабони Игор Акинфеевни доғда қолдириб чиройли гол йўллади.
Учрашувнинг 53-дақиқасида “ЦСКА” ҳужумчиси Тамерлан Мусаев гол муаллифига айланди. Унга бурчакдан тўпни ўзбекистонлик Аббосбек Файзуллаев етказиб берди. Учрашувнинг 56-дақиқасида “Локомотив” футболчиси Максим Глушенков иккинчи голни урди. 66-дақиқада Максим Глушенковнинг узатмасидан кейин “Локомотив” ҳимоячиси Лукас Фассон ҳисобни 3:1 ҳолатига олиб келди. Учрашувнинг 80-дақиқасида “ЦСКА” ҳужумчиси Антон Заболотний ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаэвнинг зарбасидан қайтган тўпни голга айлантирди.
86-дақиқада “ЦСКА” жамоаси ҳимоячиси Илья Агаповнинг зарбасидан кейин ҳисобни тенглаштирди. Ушбу голнинг ташкил этилишида ҳам ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев иштирок этди.
Россия чемпионатининг 23-туридан сўнг “Локомотив” 37 очко жамғариб, бешинчи ўринда бормоқда. Ўз навбатида, “ЦСКА” ҳам 37 очко жамғарган ҳолда, тўплар нисбатидаги устунлик эвазига турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)