Туркия Савдо вазирлиги Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт сабабли Исроилга 9 апрелдан бошлаб товарлар экспортига чеклов киритди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Маълум қилинишича, Исроилга 54 номдаги саноат товарлари экспорти чекланади. Авиация ёнилғиси, мотор, электр кабеллари, нефть, ўғитлар, айрим турдаги саноат ускуналари, цемент, мармар каби товарлар шулар жумласидандир. Чекловлар Исроил ҳарбийлари Фаластин анклавини тарк этгунига қадар кучда қолади.
Қарор зудлик билан амалга оширилиши керак. Белгиланган чекловлар Исроил ўз халқаро мажбуриятлари доирасида Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни эълон қилмагунча ва етарли миқдорда ёрдамни узлуксиз етказиб беришга рухсат бермагунча ўз кучида қолади, — дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, вазирлик Ғазодаги вазият бўйича БМТнинг учта резолюцияси ва Халқаро жиноий суднинг “Исроил учун мажбурий бўлган” битта қарори қабул қилинганини эслатди.
Исроилнинг экспорт чекловига муносабати
Исроил Туркия ҳукуматининг экспортни чеклаш бўйича ҳаракатларига жавобан Туркия товарларининг “кенг” рўйхатини тайёрлайди, уларни яҳудий давлатига олиб кириш тақиқланади.
Туркия Исроил билан савдо келишувларини бир томонлама бузмоқда ва Исроил бунга қарши барча чораларни кўради, — дейилади Исроил ТИВ баёнотида.
“Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҲАМАСни қўллаб-қувватлаш учун турк халқининг иқтисодий манфаатларини яна қурбон қилмоқда”, — дейди вазирлик раҳбари Исраэль Кац.
Изоҳ (0)