ДХХ ходимлари томонидан Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида сифати кафолатланмаган ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйилди.
Қайд этилишича, Яккабоғ туманида яшовчи 28 ёшли шахс “Банксеф”, “Занасеф”, “Гансеф” ва “Гандсеф” номли жами 3 минг 767 дона дори воситаларини 54 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. У дори воситаларини мазкур туманда яшовчи фуқародан олгани аниқланиб, ушбу шахс ҳам муқаддам сотган дорилари учун 26 миллион сўм олган вақтида ушланган.
Шунингдек, унинг хонадони тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 1 миллиард 307 миллион сўмлик жами 14 минг 909 дона дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари – тиббиётда қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар давлат рўйхатидан ўтмаган.
Сирдарё вилояти Ховос туманида яшовчи фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, унинг хонадонидан Хитой давлатида ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган, умумий қиймати 593 миллион 142 минг сўмлик 49.020 дона флаконда “Амписул” номли дори воситалари борлиги аниқланган ҳамда уларнинг эгаси ҳисобланган Бекобод шаҳрида яшовчи 34 ёшли шахс қўлга олинган.
Шунингдек, терговга қадар текширув давомида, ушбу дори воситаларини Фарғона вилоятида яшовчи, 1990 ва 1994 йилларда туғилган икки нафар фуқаро Тожикистондан божхона назоратини четлаб ўтиб, олиб келгани аниқланиб, улар ҳам ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада 17 ёшли бола яшаётган уйдан 30 килодан ортиқ наркотик моддалар топилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда фуқаронинг уйидан салкам 32 кило марихуана топилган эди.
Изоҳ (0)