Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров вафот этгани тўғрисида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов собиқ ҳокимнинг ўлимига нима сабаб бўлганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Баҳром Ҳайдаровга қўйилган асосий ташхис — юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси ФС-III, ИККС (2022 йил март). Коронар қон томирлар стентлаш операциясидан кейинги ҳолат (2022 йил апрель). Гипертония касаллиги III босқич. Артериал гипертензия III. Хавф IV (ўта юқори).
Баҳром Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини (сиртқи), 1998 йил Ўзбекистон Банк-молия академиясини (кундузги) тамомлаган. У шаҳар ҳокимлигига 2019 йилнинг августидан киришган.
2022 йилда Баҳром Ҳайдаровнинг давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўм зарар келтирганликда айбланаётгани, унинг депутатлик даҳлсизлигини бекор қилиш учун вилоят прокуратурасига тақдимнома киритилгани хабар қилинган эди. Ўша йилнинг декабрь охирларида Баҳрам Ҳайдаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Маълумотларга кўра, Баҳром Ҳайдаровнинг жанозаси бугун, 5 март куни Андижон шаҳридаги хонадонида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)