Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистонда ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мамлакатида 2023 йил якунига кўра ишсизлик даражаси 6,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 фоизга камайди.
2023 йилнинг декабрь ойида вазирлик ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти томонидан республиканинг 208 та шаҳар ва туманида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари асосида ўтказилган тадқиқот давомида 1 000 та ўзини ўзи бошқариш органлари, 10 000 уй хўжаликлари ҳамда 53 минг 300 нафар фуқаро қамраб олинди.
2024 йилнинг 1 январь ҳолатига меҳнат ресурслари сони 19 миллион 724 минг 900 кишини ташкил этиб, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 207 минг 400 кишига (1,1 фоизга) ошган.
Ўзбекистонда 2023 йил сарҳисобига кўра, камбағаллик даражаси 14,1 фоиздан 11 фоизгача пасайганди. Аҳоли бандлик даражасини ошириш, ишсизликни ҳал этиш масалалари камбағалликни қисқартиришнинг таъсир омилларидир.
Изоҳ (0)