Исроил армияси 2 март куни Ғазо жанубидаги Рафаҳ ва Дайр ал-Балоҳ ҳудудларида ўтказилаётган ҳарбий амалиётлар 7 мартгача тўхтатилганини маълум қилди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Хабарда келтирилишича, Ғазога энг кўп ёрдам юклари олиб кирилаётган Рафаҳ ўтказиш пункти ҳозирда нисбатан нофаол ишламоқда. Исроил билан чегарадаги Керем Шалом ўтказиш нуқтаси эса ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилишга чақирган намойишчилар томонидан тўсиб қўйилган.
Ҳужумни вақтинча тўхтатиш режаси, Исроил таъбирича, “гуманитар мақсадлар” билан боғлиқ. Ташқи дунёдан деярли узилган Ғазога ҳозирда фақат ҳаводан ёрдам жўнатиш имкони мавжуд. Гуманитар инқироз чуқурлашмаслиги учун Тель-Авивдаги ҳукумат ўт очишни тўхтатишга қарор қилган.
Жорий ҳафтада Исроил томонидан Ғазо аҳолисига ҳужум сигналлари берилган эди. Унга кўра, аҳоли шикастланишни истамаса, уйларини тарк этиши кераклиги айтилган.
Ҳозирда Ғазо жанубида 1,5 миллион тинч аҳоли тўпланган. Аҳолининг уй-жойларини тарк этиши давом этмоқда. Исроил етакчиси Биньямин Нетаньяху халқаро қаршиликка қарамасдан, операция давом эттирилишини маълум қилган.
Изоҳ (0)