Ўзбекистонда 2024 йил 1 июндан чиқиндилардаги иккиламчи хом ашёни фақат биржа орқали сотиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу вазифа президентнинг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5-сон фармонига мувофиқ белгиланган. Шу йилнинг 19 февралида давлат раҳбари ҳузурида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан, чиқиндилар билан ишлаш соҳасини ислоҳ қилишга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Тақдимот натижалари бўйича президент томонидан Андижон вилоятида бир ой муддатда чиқиндилар билан ишлаш масаласида пилот лойиҳасини амалга ошириш бўйича топшириқ берилган ва штаб вилоятда ўз ишини бошлаган.
Ушбу топшириқ ижроси биринчи бўлиб Андижон вилоятида амалга оширилди. Иккита корхона томонидан 4 тонна миқдорида иккиламчи чиқинди биржа сотувларига қўйилди. Бу жараён Ўзбекистонда биринчи маротаба амалга оширилмоқда. Бундай тажриба ривожланган давлатлар, жумладан, Япония, Корея мамлакатлари ва Европа Иттифоқида қўлланиб келинади.
Изоҳ (0)