Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXИФ-III) 2024 йилнинг 2-3 май кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, TXИФ — нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим тадбир ҳисобланади. Анъанага мувофиқ, унинг дастурига давлат раҳбари даражасидаги ялпи мажлис, турли масалалар муҳокамасига бағишланган экспертларнинг 50 дан ортиқ учрашувлари, жумладан панел мунозаралари, давра суҳбатлари ва B2B музокаралари киритилган.
Форумнинг ҳар бир иштирокчиси ҳамкорлар билан манфаатлар кесишадиган нуқталарини топиши, муайян инвестиция лойиҳаларини ўрганиши, ўнлаб йўналишларда рўй бераётган сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиши ва истиқболли таклифларни қабул қилиши мумкин бўлади.
Форум кун тартибида дунёдаги иқтисодий турбулентлик фонида барқарор ўсиш суръатларини намойиш этаётган, босқичма-босқич Марказий Осиёнинг ҳақиқий инвестиция марказига айланиб бораётган Ўзбекистоннинг салоҳиятини намоён этиш алоҳида ўрин тутади.
Форум миқёси ва географияси йилдан йилга оши бормоқда. Таққослаш учун TXИФ-2022 (биринчи форум) форумига 56 давлатдан 2 мингдан ортиқ йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюрган. TXИФ-2023 эса 70 та мамлакатдан 2500 нафар иштирокчи жамланган. Форум натижаларга кўра, 11 млрд долларлик 164 ҳужжат имзоланган.
2024 йилда Тошкент бутун дунёдан янада кўпроқ меҳмонлар – инвесторлар, расмийлар ва таҳлилчиларни қабул қилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)