Тошкентнинг Бектемир тумани ва Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ф.Ш.” МЧЖга қарашли дорихона раҳбари Р.Б. ва сотувчиси О.Ш. харидорга ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 105 дона “Габапентин” ва “Карбамазепин” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини шифокор рецептисиз сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Бектемир туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.Р. ноқонуний даромад орттириш мақсадида жами 44 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро С.Б.га сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан жами 53 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)