Қозоғистонга Starlink ускунасининг дастлабки 500 та тўплами етиб келди. Бу ҳақда республика рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Багдат Мусин хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, жами икки мингта сунъий йўлдош тизими келади, у қишлоқлардаги 2000 та мактабни юқори тезликдаги интернет билан таъминлайди.
“Ускуналарни қабул қилиш жараёнини шахсан текшириш учун Олмаотага келдим. Келгуси ҳафтада Туркистон ва Оқмўла вилоятларидаги Starlink тизимини ўрнатишга тўлиқ тайёр бўлган мактабларга етказиб бериш бошланади”, — дейди Багдат Мусин.
У қолган ҳудудларга 10 кундан кейин Starlink ускунасининг кейинги партияси етиб келишини айтди.
“20 кун ичида 2000 та комплект етиб келади, бу эса мамлакатимиздаги 2000 та олис қишлоқ мактабларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлайди”, — деди у.
6 февралда Багдат Мусин Қозоғистонда Starlink дан фойдаланиш режалари ҳақидаги саволга изоҳ берди. Унинг айтишича, Қозоғистон, албатта, янги технологияларга тўсиқ бўлмайди. Қозоғистонликлар аллақачон SpaceX компаниясининг Starlink терминалларини ўрнатишга киришган. Аммо ҳозирча ушбу интернет алоқасидан шахсий мақсадларда фойдаланиш ноқонуний ҳисобланади.
2023 йил ноябрь ойида Багдат Мусин вазирлик Қозоғистон фуқароларининг хорижий сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиши бўйича қатор тузатишлар киритишни режалаштираётганини айтганди.
Изоҳ (0)