Айни пайтда Жанубий Кореянинг Аджу университети магистратура босқичида таҳсил олаётган ОКМК мутахассиси Равшан Максумов олийгоҳ президенти эътирофига сазовор бўлди. Куни кеча Равшан “Энг юқори баҳолар учун” Аджу университетининг президенти мукофоти билан тақдирланди.
Бугунги кунда Равшан Максумов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ва Жанубий Кореянинг Аджу университети ҳамкорлигида IT Business “Икки диплом” халқаро магистратура дастури асосида таълим олмоқда.
- Ушбу муваффақиятим замирида албатта комбинат бизга билдирган ишончи ва эътибори ётибди десам, адашмаган бўламан. IT Business соҳасида олаётган билимларимни комбинат ривожида қўллайман, — дейди Р.Максумов.
Сўнгги йилларда комбинатда рақамлаштириш, IT технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этилиши натижасида юқори меҳнат самарадорлигига эришилмоқда. 2023 йилда бизнес ва технологик жараёнларни рақамлаштириш ҳамда уларни мақбуллаштириш эвазига 224 млрд сўм иқтисод қилинди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ёшлар ва иқтидорли мутахассислар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинган. Комбинат кўмагида олий маълумотли мутахассислар хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида ўз билим ва малакаларини ошираяпти.
Равшан каби мутахассислар берилаётган эътибор ва ғамхўрликка жавобан хорижий олий ўқув юртларида ҳам ўз салоҳиятларини намойиш этиб, эътироф этилаётгани қувончли албатта.
Маълумот учун: бугунги кунда икки нафар комбинат мутахассиси Япониядаги Акита Университетининг докторантура босқичида, икки нафар мутахассис эса Германиянинг Фрайберг кончилик академиясининг аспирантура босқичида таълим олишмоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)