Тошкент шаҳар Чилонзор туманида Yutong ва King Long русумли автобуслар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар беради “Тошшаҳартрансхизмат”.
Маълум қилинишича, 9 февраль куни соат 08:30 ларда “12-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги King Long русумли 131-сонли автобус ҳайдовчиси Х.Д. “Чилонзор” метроси бекатига тўхтаётган бўлган. Бироқ у бекатда тўхтаб, йўловчи тушираётган “5-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги Yutong русумли 99-сонли автобус (ҳайдовчи Т.Б.) билан ёнлама оралиқ масофани сақламай олмаган.
Оқибатда 131-сонли автобуснинг ўрта бўғин қисми ойнаси ҳамда 99-сонли автобуснинг чап томон орқани кўриш ойнасининг корпус қисми билан бир-бирига тегиб, енгил шикастланган. Содир этилган тўқнашувда тан жароҳати олганлар йўқ. Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 99-сонли автобус ҳайдовчиси Т.Б. айби билан содир этилган.
Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар Яшнобод туманида ҳам икки автобус иштирокида ЙТҲ юз берганди. 2023 йил маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 11 ойида пойтахтда автобуслар иштирокида 94 та ЙТҲ содир бўлган.
Изоҳ (0)