Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлимига, 16 нафар боланинг оғир, 2 нафар боланинг эса енгил тан жароҳати олиб, ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқаётган суд терговини якунлаб, музокарага ўтди. Бу ҳақда судда қатнашган “Дарё” журналисти хабар берди.
2023 йилнинг 11 август куни бошланган суд 2024 йилнинг 5 февраль куни терговни якунлаб, суднинг музокара қисмига ўтганини маълум қилди.
Бироқ прокурор музокарага тайёр бўлмагани боис суддан бир ҳафта муддат сўради.
Суд музокара сўзи учун давлат айбловчиси ҳамда адвокатларга муддат берди. Суд 9 февраль куни соат 10:30 гача танаффус эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида болалар шамоллашига қарши қўлланилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропи 2023 йилнинг январь ойида мамлакатда “Док-1 Макс” фожиаси сифатида бўй кўрсатди. Фожианинг дастлабки қурбонлари ҳақида хабар берган масъуллар марҳум болалар сони 65 нафар эканини очиқлаган бўлса, кейинчалик бу рақамлар 68 нафарга етгани маълум бўлди. Мазкур жиноят иши бўйича дастлаб 21 нафар шахс айбланган бўлса, кейинчалик қўшимча жиноят иши бириктирилиб, айбланувчилар 23 нафарга етди. Уларнинг дастлаб 7 нафарига, кейинчалик яна 2 нафарига — жами 9 нафарига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ (0)