Намибия президенти Хаге Гейнгоб 4 февраль куни 82 ёшида касалхонада вафот этди. Бу ҳақда вице-президент Нанголо Мбумба хабар берди.
“Бугун, 4 февраль, якшанба куни тахминан соат 00:04 ларда Lady Pohamba касалхонасида даволанаётган Намибия Республикаси президенти, севимли докторимиз Хаге Гейнгоб вафот этганини чуқур қайғу ва афсус билан маълум қиламиз”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради президент офиси Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Тhe Namibian газетаси маълумотларига кўра, президент сўнгги ойларда саратон касаллиги билан курашган. 25 январь куни у АҚШга даволаниш учун борган, бироқ икки кунлик даволанишдан сўнг қайтиб келган.
Хаге Гейнгоб 2015 йил март ойида Намибия президенти бўлган ва 2019 йилда қайта сайланган. Шунингдек, у икки марта — 1990 йилдан 2002 йилгача ва 2012 йилдан 2015 йилгача мамлакат бош вазири лавозимида ишлаган.
Изоҳ (0)