Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага ёрдамни давом эттиришига қарши эмас, бироқ унда иштирок этишни истамайди, деди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел.
“Венгрия энди бу ишда иштирок этишни истамаслигини, лекин айни пайтда Европа Иттифоқига тўсқинлик қилмаслигини маълум қилди. Ўзи ёрдам бермаслик бошқа масала бўлса, ёрдамга тўсқинлик қилмаслик бу умуман бошқа масала. Ҳозирда ҳеч ким бунга қарши эмас”, — деди Боррел.
Ўз навбатида, Польша бош вазири Дональд Туск кескин салбий фикр билдириб, Венгриянинг Киевга ёрдам бериш бўйича позициясини “хавфсизлигимиз учун таҳдид” деб атади.
“Мен унга ҳеч қандай яхши сўз айтмайман”, — дея қўшимча қилди Туск журналистларнинг Венгрия бош вазири Виктор Орбанга нима демоқчи эканлиги ҳақидаги саволига.
14—15 декабрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Европа Иттифоқи саммитида Европа Иттифоқи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари тўрт йиллик бюджетга тузатишлар киритиш бўйича келиша олмаганидан сўнг, Европа кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини чақиришга қарор қилинди. Бунга Венгриянинг вето қўйиши тўсқинлик қилди, у Украинага 50 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам кўрсатишга рози бўлмаганди.
Изоҳ (0)