Гамбург ҳудудий суди Американинг Forbes журналига бизнесмен, USM холдинги асосчиси Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путинни “қўллаб-қувватлагани” ва “унинг бизнес муаммоларини ҳал қилгани” ҳақидаги баёнотларни тарқатишни тақиқлади. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.
Тегишли даъвога 2022 йил 2 февралда Forbes журналида чиққан “Украина туфайли Байден санкцияларига дучор бўлиши мумкин бўлган Путин олигархлари билан танишинг” сарлавҳали мақола сабаб бўлди. Шу сабабли 2023 йил 27 февралда мақола юзасидан даъво берилди.
Усмоновнинг ҳимоячиси мақолада асоссиз иддаолар, яъни аноним экспертнинг “Усмонов бир неча бор Путинни қўллаб-қувватлаган ва бизнесдаги муаммоларини ҳал қилган” деган иқтибосини ўз ичига олганини айтди.
Кейинчалик 2022 йил февраль ойида бу ибора, бошқалар қатори, Евоиттифоқ Кенгаши томонидан россиялик тадбиркорга қарши санкцияларни оқлашда келтирилди. Усмоновнинг адвокатлари Forbes мақоласидаги баёнотларни ёлғон ва туҳмат деб атади.
Суд жараёнида Forbes баёнот берилган аноним манбани ошкор қилишдан бош тортди. Нашр, шунингдек, Усмонов қачон ва қандай қилиб Путинни “қўллаб-қувватлагани” ёки “бизнес муаммоларини ҳал қилгани” ҳақида мисол келтира олмаган, дейилади суд ҳужжатида.
Натижада, Германия суди Forbes нашрига ушбу ва бошқа бир қатор баёнотларни, жумладан, Усмонов Россиянинг собиқ алоқа вазири Леонид Реймандан Путиннинг “бизнес муаммосини ҳал қилиш” учун Россиянинг MegaFon уяли алоқа оператори улушини сотиб олгани ҳақида даъво қилишни рад этди.
EU Today таъкидлаганидек, суд қарори Украинадаги ҳарбий амалиёт билан боғлиқ айрим россияликларга нисбатан санкцияларини оқлаш учун Европа Иттифоқи таянган манбаларга эътироз билдиришда қонуний прецедент бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)