Екатеринбург шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 7 январь куни қурилиш объектларидан бирида рейд ўтказиб, ишчиларни ўрдаксимон юришга мажбурлаганди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги муҳожирларни ўтириб юришга мажбурлаган хавфсизлик ходимларини текширишни талаб қилди.
Мигрантларга тегишли буйруқни прокуратура, Федерал хавсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Россия Миллий гвардияси ходимлари берган. 17 январь куни бўлиб ўтган тадбир давомида хавфсизлик кучлари 150 кишининг ҳужжатини текширган. Улардан 8 нафари иммиграция қонунчилигини бузгани аниқланиб, депортация қилиниши кераклиги таъкидланган, 4 нафарига эса ҳарбий рўйхатга олиш учун чақирув қоғози берилган.
Қурилиш майдончасида ишлаётганлар орасида Қирғизистоннинг 40 га яқин фуқароси бўлган, улардан уч нафари ўрдаксимон юришга мажбурланганлар қаторида суратда кўриниш берган.
Республика Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан алоҳида баёнот берган. Унда Бош консуллик Россия назорат органи томонидан “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларнинг қадр-қимматини камситувчи бундай усуллардан фойдаланишнинг қонунийлиги”ни текширишни ташкил этиш чораларини кўраётгани таъкидланади.
ТИВ баёнотида қайд этилишича, видеога тушиб қолган Қирғизистон фуқароларининг ўзлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳаракатлари устидан шикоят ёзишдан бош тортган.
Ички ишлар вазирлигининг Свердловск вилояти Бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелих қурилиш объектларида ўтказилган рейдни тасдиқлаб, “бу йил ҳам бундай ишлар вилоятнинг барча муниципалитетларида давом этишини” таъкидлаган.
Изоҳ (0)