Тошкентда репортаж олишга борган “Новости Узбекистана” нашри ходими ички ишлар ходимлари томонидан асоссиз олиб кетилиб, бир неча соат идорада ушлаб турилгани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, журналистнинг бузилган ҳуқуқи тикланган.
“Новости Узбекистана” мухбири Михаил Довлатов 14 январь куни Учтепа тумани 11-даҳада истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашиши, улар ўз навбатида 150 га яқин гараж ҳамда 98 та дарахт ўрнига болалар боғчаси қурилаётгани тўғрисида маълумот бериши керак бўлган. Довлатов аҳоли билан соат 13:00 да воқеа жойида учрашишга келишган. Шунингдек, у ерда Учтепа тумани ҳокимлиги вакиллари, эколог ва бошқа экспертлар таклиф этилган.
Учрашув жойига борганида мухбир белгиланмаган жойда сигарет чеккани баҳонасида ички ишлар идорасига олиб кетилган ва у ерда журналистга нисбатан асоссиз равишда баённома расмийлаштирилган. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан Бош прокуратурага сўров хати юборган эди.
Аниқланишича, суднинг қарорига мувофиқ, “Новости Узбекистана” интернет-нашри мухбири Михаил Довлатовнинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилиб, журналистнинг бузилган ҳуқуқи тикланган.
Журналист билан боғлиқ ҳолатга алоқадор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
“Шу ўринда, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолияти ва журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан қўриқланиши ҳақида яна бир бор эслатиб ўтамиз”, — дейилади идора хабарида.
Изоҳ (0)