Одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик икки аёл Истанбулда ушланди. Бу ҳақда Бош консулхона ахборот хизмати хабар берди.
Улар 2018 йилдан буён Ўзбекистон ИИВ томонидан қидирувда бўлган, 1985 йилда туғилган Дилноза Умарова ва 2017 йилдан буён Ўзбекистон ИИВ томонидан қидирувда бўлган, 1983 йилда туғилган Мавлудахон Улмасова бўлиб, Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида 10 январь куни қўлга олинган.
Ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилиш сўралди.
Хабарда айтилишича, жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Туркия ҳудудида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари тизимли равишда давом эттирилади.
Бундан аввал халқ орасида “Мадам Клод” тахаллуси билан танилган, одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган Нилуфар Мирханова ушланганди.
Изоҳ (0)