Деменция касаллигидан азият чекаётган америкалик таниқли актёр Брюс Уиллиснинг оиласи жорий йил у учун охиргиси бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Маълумотларга кўра, актёрнинг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. Энди у бошқа ўқий олмайди ва умуман гапира олмайди ҳам. Оиласи уни қўллаб-қувватлаш учун у билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда унинг соғлиғи ҳақида маълумотлар ҳам бериб боришяпти.
2022 йил март ойида 68 ёшли афсонавий актёрга деменция туфайли келиб чиққан афазия (нутқ бузилиши) ташхиси қўйилган эди. Шундан сўнг актёр фаолиятини якунлашга қарор қилганди. Кейинчалик Уиллиснинг аҳволи яна ҳам ёмонлашган, ҳозир у яқинларини ҳам таний олмайди.
Аввалроқ 68 ёшли Уиллиснинг рафиқаси эрида деменция ташхиси қўйилганидан кейин юраги оғрий бошлаганини айтганди. Аёл узоқ вақт давомида қўллаб-қувватловсиз қолганини ва касал одам билан қандай яшашни билмагани учун ўзини ёлғиз ҳис қилганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, у худди шундай вазиятда бўлган одамлар билан мулоқот қила бошлаганидан кейин ҳаммаси ўзгарган.
Изоҳ (0)