Сербия президенти Александр Вучич мамлакатда инқилоб ёки ҳокимиятни зўравонлик билан қўлга киритишнинг иложи йўқлигини маълум қилди.
“30 декабрь куни айрим сайлов участкаларида ўтказилган такрорий овоз бериш натижаларига кўра, мамлакат аҳолиси ҳукмрон коалицияни қўллаб-қувватлашини очиқ-ойдин билдирган”, — деди Вучич.
“Ҳеч қандай инқилоблар бўлмайди, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ҳам бўлмайди. Халқ кимни қўллаб-қувватлашини аниқ айтди. Бу муҳим аҳамиятга эга”, — дея таъкидлади президент.
Сербияда 17 декабрь куни навбатдан ташқари парламент ва муниципал сайловлар бўлиб ўтди. “Александар Вучич — Сербия тўхтамаслиги керак” коалицияси сайловда ғалаба қозонди.
Иккинчи ўринни эгаллаган мухолиф “Сербия зўравонликка қарши” блоки вакиллари овоз бериш натижалари сохталаштирилганини даъво қилмоқда. 18 декабрь куни мухолифат Белграддаги Республика сайлов комиссияси биноси ёнида қатор митингларни бошлади ва 24 декабрь куни улар пойтахт маъмуриятига бостириб киришга уринди.
Тартибсизликлар полиция томонидан бостирилди, 38 киши ҳибсга олинди, 7 нафари ўз айбига иқрор бўлди. Вучич Белград маъмуриятини эгаллаб олишга уринишни республика суверенитетига ҳужум деб атади.
Изоҳ (0)