Буюк Британиянинг Оксфорд университетида Ўзбек тили маркази очилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов ушбу университети раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Музокаралар чоғида Оксфорд университети билан Ўзбекистон ОТМлари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида академик ҳамкорликни йўлга қўйиш, Британия университети қошидаги Wolfson College дастурлари асосида таълим ва ихтисослаштирилган йўналишларда мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Оксфорд университети қошидаги “Бирсўз” маркази директори Лейла Нажафзода билан кечган мулоқот чоғида мазкур таълим муассасасида ўзбек тилини ўқитиш лойиҳасини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбек тили бўйича дарслар 2024 йил январь ойида 15 нафарга яқин талаба иштирокида бошланади. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан марказнинг илмий базасини бойитиш мақсадида ўзбек тилидаги зарур адабиётлар ва ўқув материаллари етказиб берилади.
Маълумот учун, Оксфорд университети қошидаги Wоlfson College 1965 йилда ташкил топган. Коллеж университетнинг етакчи 3 та олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан келган 700 дан ортиқ талаба гуманитар, табиий ва ижтимоий фанлар бўйича таҳсил олади. Коллеж битирувчилари орасида 3 нафар Нобель мукофоти совриндорлари бор.
Изоҳ (0)