Франция президенти Эммануэл Макрон, агар Россия президентида Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича “жиддий таклифлар” бўлса, Владимир Путиннинг қўнғироғга жавоб беришини айтди. Бу ҳақда у Европа Иттифоқи етакчиларининг Брюсселдаги саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтди.
“(Телефон) рақамимни ўзгартирмаганман”, — деди Макрон.
У Россия президентининг Макрон у билан алоқани тўхтатгани ҳақидаги сўзларига шундай изоҳ берди. Франция раҳбарининг таъкидлашича, “келишувларни бузиб” уруш бошлаган у эмас, “Украинада уруш жиноятларини содир этиб, мулоқотни имконсиз қилган давлат Франция эмас”.
“Агар президент Путинда диалог ва олдинга силжиш, можародан чиқиш ва барқарор тинчлик ўрнатиш, яъни халқаро ҳуқуқ ва демак, Украина манфаатлари ва суверенитетини ҳурмат қилиш бўйича жиддий таклифлар бўлса, мен қўнғироқни қабул қиламан”, — деди Франция президенти.
14 декабрь куни жонли эфирдаги чиқиши чоғида Россия президенти Владимир Путин Макрон билан мулоқотга тайёр эканини, бироқ Франция билан алоқалар мамлакат президенти ташаббуси билан тўхтатилганини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, у “мулоқотдан қочмайди”, аммо Макрон истамаса, “ҳеч қандай жараёни бўлмайди”.
“Муносабатлар яхши эди. Ҳаммага маълум, мен Францияда бўлганман, жаноб Макрон Россияга келган. Лекин бир мунча вақт Франция президенти биз билан муносабатларни тўхтатди. Биз тўхтамадик, мен тўхтамадим. Тўхтатган у. Агар истак бўлса, марҳамат, биз тайёрмиз”, — деди Путин.
Макрон Украинадаги урушдан олдин ҳам, у бошланганидан кейин ҳам Владимир Путин билан музокаралар олиб боришга уринган асосий жаҳон етакчиларидан бири саналади.
Изоҳ (0)