Хитойлик олимлар аҳоли, айниқса, болалар орасида кенг тарқалаётган хавфли пневмониянинг тахминий сабабини топди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, касаллик супербактериялар томонидан қўзғатилган, деб ёзади DailyMail.
Тахминан уч ҳафта олдин, ноябрь охирида, Хитойнинг шимолий ҳудудларида номаълум пневмониянинг оммавий эпидемияси кузатилганди. Болалар орасида микоплазма пневмонияси билан касалланганлар сонини камайтириш учун мактаблар ёпилди.
Олимларнинг узоқ муддатли изланишлари натижасида оммавий инфекцияга антибиотикларнинг аксарият турларига чидамли супербактериялар сабаб бўлган, деган хулосага келинди.
“Тиббий маълумотлар шуни кўрсатадики, бу бактерия келтириб чиқарадиган инфекцияларнинг 90 фоизи ҳозирда Хитойда оддий антибиотикларга чидамли. Антибиотиклар бактериал инфекцияларни даволашда қўлланганда, айрим бактериялар мутацияга учраши ёки дориларга чидамли генларни олиши мумкин”, — деб ёзади нашр.
Микоплазма пневмонияси одатда азитромицин антибиотиклари билан даволанади. Аммо препаратни ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш бактериал популяцияда қаршиликни келтириб чиқарди ва даволаш самарасиз кечади.
Хитойда эпидемияга “оқ ўпка” деб ном беришди, чунки пневмония билан оғриган болаларнинг ўпкаси рентгенограммаларида оқ доғлар кўринади. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу ўпка тўқималарининг зич жойлашган нуқталари ҳисобланади, бу нуқталар организмнинг микоплазма пневмонияси каби касалликларга қарши кураши оқибатида юзага келган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)