9 декабрь куни Бишкекдаги М.Горкий номидаги боғда Қирғизистон байроғини ўзгартиришга қарши акция бўлиб ўтди. Қорли ҳаво ва ташкилотчилардан бири, фаол Афтандил Жўробековнинг ҳибсга олинишига қарамай, митинг бекор қилинмади, деб ёзади “Кактус.медиа”.
Боғда 100 га яқин одам йиғилди. Митинг иштирокчилари давлат мадҳиясини куйлашди.
Сентябрь ойи охирида парламент спикери Нурланбек Шакиев ва депутат Улан Примов мамлакат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди.
Депутатлар Қирғизистон байроғи марказидаги қуёш нурлари тўлқинсимон бўлганидан кунгабоқар гулига ўхшаб қолганини айтган. Улар қуёш нурларини текис, тўғри қилиб тасвирлашни таклиф қилган.
Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев томонидан қўллаб-қувватланганидан кейин бу ғояга муносабат ўзгарди.
Президент байроқнинг ўзига хос вариантини таклиф қилиб, “Агар Худо хоҳласа, бу вариант ўца, бундан буён қарам бўлмаймиз”, деди. У байроқ ўзгартирилгандан сўнг, Қирғизистон “қуёш нурлари каби ривожланган ва мустақил давлат” бўлишини қўшимча қилди.
Байроқни ўзгартириш жамоатчиликнинг танқиди ва норозилигига сабаб бўлди. Аммо шунга қарамай, 28 ноябрь куни Жогорку Кенешнинг тегишли қўмитаси бир овоздан байроқни ўзгартиришни қўллаб-қувватлади. Бир кундан кейин қонун лойиҳаси парламент ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.
Изоҳ (0)