Украина Мудофаа вазирлиги вакиллари АҚШдан Киевга F-18 қирувчи самолётлари, Apache ва Blackhawk вертолётлари, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ҳамда дронлар етказиб беришни сўради, деб хабар бермоқда Reuters нашр кўриб чиққан ҳужжатларга таяниб.
Агентлик хабарига кўра, Украина АҚШдан сўраган қуроллар рўйхати АҚШ пойтахтида ҳукумат вакиллари ва мудофаа саноати раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган ёпиқ йиғилишда тақдим этилган.
Рўйхатда Украинада мавжуд бўлган қуроллар, жумладан Abrams танклари, 155 миллиметрли артиллерия, F-16 қирувчи самолётлари, шунингдек, илгари сўралган узоқ масофали ATACMS ракеталари ҳам бор, деб таъкидлайди Reuters.
Бундан ташқари, Украина сўровига General Atomics компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, жумладан MQ-9B Sky Guardian учувчисиз учоқлари, шунингдек, Lockheed компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Terminal High Altitude Area Defense (ТHAAD) ҳаво мудофаа тизимлари киради.
Бугун, 7 декабрь куни эрталаб АҚШ Сенати Украина ва Исроилни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини рад этди. Республикачилар ёрдам пакети Мексика билан чегарада иммиграция сиёсатини кучайтиришга қаратилган тузатишларни ўз ичига олиши керак, дея туриб олишган.
6 декабрь куни АҚШ президенти Жо Байден Конгрессни зудлик билан Украинага молиявий ёрдам кўрсатишни маъқуллашга ва партиялараро келишмовчиликларни четга суриб қўйишга чақирди. Унинг фикрича, агар Россия Украинани мағлуб этса, НАТО давлатларига ҳужумга ўтади.
Изоҳ (0)