Самарқанд шаҳрида жанжалга чек қўйишга борган профилактика инспекторига қаршилик кўрсатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари маълум қилди.
Қайд этилишича, 20 ноябрь соат 19:30 да Самарқанд шаҳар “Бунёд” маҳалласида яшовчи фуқаро М.Р. “102” операторига қўнғироқ қилиб, яшаш хонадонида жанжал бўлаётганини маълум қилиб, профилактика инспекторини юборишни сўраган.
Шунга кўра, Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ 6-сон ИИБ профилактика инспектори лейтенант А.Тошпўлотов фуқаронинг яшаш хонадонига борган. Ходим манзилга етиб борганида муқаддам Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан судланган фуқаролар М.Р., унинг опаси, турмуш ўртоғи ва укаси ўзаро жанжаллашаётганини кўриб, уларни ажратиб, жанжалга чек қўйишга уринган. Шу вақт фуқаролар профилактика инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, уни турли жойларига уриб тан жароҳати етказиб, инспекторга тегишли бўлган транспорт воситасининг олд ойнасини синдириб, моддий зарар етказишган.
Воқеа жойи тегишли тартибда кўздан кечирилиб, фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Андижонда фуқаролар ва ички ишлар ходими ўртасида муштлашув содир бўлганди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида маст эркак болта билан профилактика инспекторига ҳужум қилгани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)