Эрон Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга баллистик ракеталар беришни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Оқ уй вакили Жон Кирби маълум қилди.
Шунингдек, у Эрон ва Россия ўртасидаги муносабатлардаги вазиятни АҚШ мунтазам кузатиб боришини ва керак бўлса, тегишли чоралар кўришини айтди, деб ёзади Reuters.
Кирбининг қайд этишича, Эрон аввалроқ Россияга дронлар, бошқариладиган бомбалар ва артиллерия ўқ-дориларини етказиб берган.
“Эрон Россияни қўллаб-қувватлаш бўйича яна бир қадам ташлашга тайёрланаётган бўлиши мумкин. Биз Украинада фойдаланиши учун Эрон Россияга баллистик ракеталар бериш имкониятини кўриб чиқаётганидан хавотирдамиз”, — деди у.
Кирбининг айтишича, бу ёрдам эвазига Россия Теҳронга ракеталар, электроника ва ҳаво ҳужумидан мудофаа каби соҳаларда ҳамкорликни таклиф қилган. Эрон Россиядан миллиардлаб долларлик ҳарбий техника, жумладан ҳужумчи вертолётлар, радарлар ва жанговар тренажёрлар сотиб олмоқчи.
АҚШ ушбу “вазиятни беқарорлаштирувчи ташиш” билан шуғулланиши мумкин бўлган россиялик жисмоний ва юридик шахсларга қарши терроризмга қарши санкциялардан фойдаланишга тайёр эди, деди Кирби.
Изоҳ (0)