Молдова президенти Майя Сандунинг ити мамлакатга ташриф буюрган Австрия президенти Ван дер Белланни тишлаб олди. Ҳолат тасвирланган видео Realitatea нашри томонидан эълон қилинди.
Қайд этилишича, расмий маросим давомида сиёсатчилар олдига Майя Сандунинг Кодрутса лақабли итини олиб келишган. У ўз вақтида итни кўчадан топиб олганди. Австрия етакчиси ҳам Сандунинг ортида уни силашга уринганида ит Белленнинг қўлини тишлаб олган.
Санду дарҳол узр сўраб, атрофда одам кўп бўлгани учун ит қўрқиб кетган бўлиши мумкинлигини айтди.
“Ит афтидан, хорижлик меҳмон ўз эгасига хавф туғдирмоқда деб ўйлаган”, — дея вазиятни изоҳлаган нашр.
Таъкидланишича, юқори мартабали хорижлик меҳмон Молдова парламенти раҳбари Игор Гросс ва бош вазири Дорин Речан билан учрашувга Александр Ван дер Беллен қўлини бинт билан боғлаб олган ҳолда чиққан.
Сентябрь охирларида АҚШ президенти Жо Байденнинг ити Коммандер Оқ уйда Махфий хизмат агентини тишлаб олгани тўғрисида хабар берилганди. Коммандер Оқ уй ва Делаверда камида 11 марта одамларни тишлаб олган, жумладан 2022 йил ноябрь ойида ит бир офицернинг қўллари ва сонидан тишлаганидан кейин у касалхонага ётқизилган.
Изоҳ (0)