ҲАМАС 7 октябрь куни гаровга олинган 240 нафар исроилликдан камида 50 нафар аёллар ва ёш болаларни озод қилиш бўйича келишувга рози бўлди.
Бунинг эвазига Фаластин ҳаракати Исроилдан бир қанча шартларни бажаришини талаб қилмоқда, деб ёзади Тhе Washington Post ўз манбаларига таяниб.
Гаровга олинганларнинг бир қисмини озод қилиш учун ҲАМАС ҳаракати Исроилдан Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда уч ёки беш кунлик танаффус қилишни, анклавга инсонпарварлик ёрдами кирадиган йўлакларни кенгайтиришни ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик аёллар ва болаларни озод қилишни талаб қилмоқда.
Нашр манбаларининг хабар беришича, томонлар келишувга эриша олмаслиги мумкин. Охирги схема фақат “умумий маънода” келишилган, деди нашр суҳбатлашган араб дипломатларидан бири. Аввалроқ томонлар гаровга олинганлар сони ва уларни озод қилишнинг бошқа шартларини муҳокама қилишганди.
Исроил томони ҳозирча ҲАМАС билан келишувга эришиш бўйича қарор қабул қилгани йўқ. Бир кун аввал, 15 ноябрь куни Исроил расмийлари эҳтимолий келишув ҳақида изоҳ беришдан бош тортган эди.
Изоҳ (0)