Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторидаги Ал-Шифо касалхонасида ҲАМАСга қарши операция бошлаганини эълон қилди, деб хабар бермоқда BBC.
Исроил армияси хабарида қайд этилишича, операция оддий фуқароларга зарар етказмаслик учун шифокорлар гуруҳлари ва араб тилини биладиган одамлар иштирокида “мақсадли” амалга оширилмоқда.
Олдинроқ Исроил армияси Ғазо ҳукуматини ўз қуролли тузималари 12 соат ичида Ал-Шифо касалхонасини ташлаб кетишга чақирган эди, бироқ маълумотларга кўра, мазкур талаб бажарилмаган. Шунингдек, ҳарбийлар шифохонадан одамларни оммавий эвакуация қилган.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби эса исроилликлар ҳужум бошланишидан бир оз олдин уларни хабардор қилгани тўғрисида баёнот берди. Гувоҳларнинг айтишича, исроиллик аскарлар аллақачон Ал-Шифо касалхонасига кирган.
Касалхонада бўлган Хадер Заанун BBC нинг Ғазодаги мухбири Рушди Абу Алуфга телефон орқали Исроил ҳарбийлари тутунли граната улоқтирганини ва уларни касалхонанинг жарроҳлик биносига бостириб кирганини кўрганини айтган. Шундан сўнг Хадер Заанун билан алоқа узилган.
Исроил армияси Ал-Шифо касалхонасида операция бошлаганидан сўнг, ҲАМАС баёнот бериб, бу операция оқибатлари учун тўлиқ жавобгарликни Исроил ва шахсан АҚШ президенти Жо Байденга юклади.
Куни кеча Исроил кучлари Ғазо сектори шимолидаги Ал-Қудс касалхонасини қуршаб олгани тўғрисида хабар берилганди. Ал-Қудс шифохонаси ёнилғи ва электр қуввати йўқлиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатган.
Изоҳ (0)