Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида иш жойидаги портлаш оқибатида вафот этган ишчи нафақасидан “уриб” қолингани аниқланди.
Хабар берилишича, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаронинг турмуш ўртоғи “Пахта тозалаш заводи” АЖ 1-ишлаб чиқариш бригадасининг линтерлаш цехида чиқиндиларни йиғувчи ва тозаловчи вазифасида ишлаб келган. Аммо у 2018 йилнинг 12 февралида қуритиш цехи биносида кучли газ босими натижасида содир бўлган портлаш оқибатида тан жароҳати олиб, вафот этган.
Бироқ корхона бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этгани муносабати билан марҳумнинг оиласига бирйўла тўланадиган нафақа пулини қарийб 10 миллион сўмга кам тўлаган. Яъни ходимнинг вафотигача ишлаган ўн ойлик иш даври учун 9 миллион 718 минг сўмга нотўғри ҳисоб-китоб қилиниб, жами 46 миллион 15 минг сўм нафақа тўланган.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи бундан норози бўлиб, Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди. Бўлим фуқаро манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд мажлисида корхонанинг ишончли вакили Ж.И. даъвони тан олмасдан, даъво муддати ўтиб кетгани сабабли уни қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд даъво аризасини қисман қаноатлантириб, “Каттақўрғон пахта тозалаш”га бирйўла тўланадиган нафақадан 9 718 272 сўм, 8 000 000 сўм маънавий зарарни тўлаш ҳамда давлат фойдасига 1 048 730,88 сўм давлат божи ундириш мажбуриятини юклади.
Изоҳ (0)