Қирғизистон президенти Ар-Риёдга амалий ташрифи доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг саккизинчи навбатдан ташқари саммитида нутқ сўзлади. У фаластинликларнинг мустақиллик ҳуқуқини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Садир Жапаров учрашувнинг муҳимлигини таъкидлаб, фавқулодда йиғилиш Фаластиндаги ҳалокатли воқеалар муносабати билан ўтказилаётганини айтди.
“Қирғиз халқи ушбу конфликтда яқинларини йўқотган оилаларнинг ҳамда бир ойдан кўпроқ вақт олдин кучайган зўравонликлар оқибатида катта талафот ва жабр кўрган барча Фаластин фуқароларининг қайғусига шерик. Йўқотилган ҳар бир ҳаёт катта фожиадир.
Қирғизистон Ғазо секторидаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларини енгиллаштириш учун гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр. Фаластинлик биродарларимизни ташқи тажовуз ва бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлишига чек қўйишда қўллаб-қувватлаш, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда масъулмиз”, — деди у.
Қирғизистон президенти Ғазо секторидаги вазиятни гуманитар фалокат деб баҳолади.
“Бегуноҳ тинч аҳолининг, жумладан, гўдаклар ва аёлларнинг ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайди ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламда қораланиши керак. Фуқаролар инфратузилмасига, мактаблар, шифохоналар ва турар жой биноларига ҳужум қилиш нафақат халқаро гуманитар ҳуқуқнинг, балки инсон ҳуқуқларининг ҳам жиддий бузилишидир”, — деди сиёсатчи.
У Қирғизистон Фаластин халқининг мустақиллик ва суверен давлат яратишга бўлган қонуний ҳуқуқларини тан олишини таъкидлади. Жапаров фаластинликларнинг манфаат ва истакларига жавоб берадиган ягона тўғри ечим Хавфсизлик кенгаши ва БМТ Бош ассамблеясининг тегишли резолюцияларини амалга ошириш эканини айтди.
“Шу билан бирга, Ислом Умматимиз халқаро ҳамжамиятни ушбу тажовузга қарши бирлашган ва ягона позицияни эгаллашга ишонтириши ва низолашаётган томонларни музокараларга жалб қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши зарур.
Низолашаётган томонлар ўз фуқароларининг ҳаётини ҳимоя қилишни биринчи ўринга қўйиши ва БМТнинг асосий ҳужжатларида мустаҳкамланган халқаро гуманитар ҳуқуқнинг универсал қоидаларини ҳурмат қилиши муҳим. Адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойиллари Исроил—Фаластин конфликтини ҳал қилиш йўлидаги ҳаракатларимизни белгилаши керак”, — дея қўшимча қилди Жапаров.
Изоҳ (0)