Американинг янги B-21 стратегик бомбардимончи самолёти илк парвозини амалга оширди, деб хабар берди Reuters.
Унга кўра, бомбардимончи Калифорниядаги Northrop Grumman объектларидан бири ҳудудидан жума куни маҳаллий вақт билан тахминан 07:00 да учган. B-21 нинг парвоз вақти ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Ҳарбий ҳаво кучлари B-21 самолётини 2022 йил 2 декабрда тақдим этганди. У АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг янги асосий стратегик бомбардимончи самолёти ва мамлакат ядровий триадасининг асосий элементига айланиши кутилмоқда.
Март ойида Пентагон олтита самолёт ҳозирда ишлаб чиқарилаётганини айтган эди. B-21 аста-секин АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қиладиган B-1 ва B-2 бомбардимончи самолётларини алмаштиради.
Пентагон ҳозирда тадқиқот ва ишланмалар учун федерал молиялаштириш учун тахминан 145 миллиард доллар, жумладан, ҳаво кучлари учун 46 миллиард доллар, денгиз флоти учун 27 миллиард доллар, армия учун 15,7 миллиард доллар сўрамоқда. Янги B-21 стратегик бомбардимончи самолётини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 3 миллиард доллар ажратиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)