Ироқ электр энергетика вазири Зиёд Али Фадел Ашхободда “Туркмангаз” давлат концерни раҳбарияти билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда NebitGas хабар берди.
Учрашувдан мақсад газ соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни муҳокама қилишдир. Бу ёзда Эрон газини Ироққа етказиб беришда узилишлар юз берди (импортнинг тахминан 40 фоизини ташкил этди) ва ҳукумат муқобил вариантларни топишни буюрди.
Мутахассисларнинг “Дарё”га маълум қилишича, Ироқ йилига 9 миллиард куб метргача туркман газини сотиб олиш бўйича беш йиллик шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Таъминотлар Эрон ҳудуди орқали қайтариладиган асосда амалга оширилиши кутилмоқда.
Ушбу амалиёт 2022 йилдан бери Туркманистондан Озарбайжонга газ етказиб бериш жараёнида қўлланилмоқда. Жумладан, Эрон Туркманистоннинг Серахс шаҳридан йилига 3,0-4,0 миллиард куб метргача газ олиши мумкин, бу орқали унинг эквивалентини Озарбайжоннинг Астара шаҳрига етказиб беради.
Ушбу айирбошлаш операциялари миллий газ ресурсларидан узоқда жойлашган Разавий, Шимолий ва Жанубий Хуросон, Гулистон ва Семнан каби Эрон вилоятларини табиий газ билан таъминлашга ёрдам беради.
Азиз Бояров
Изоҳ (0)