Болливуд юлдузи Айшвария Рай 1 ноябрь куни 50 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан актрисанинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотларни тақдим этамиз.
Унинг ҳаётида ҳамма нарса содир бўлди: ақл бовар қилмас чўққига чиқиш ва бирданига қулаш, ҳайратга солиш ва жамоатчилик орасида унутилиш, мукаммал қомат ҳамда ташқи кўринишига нисбатан мухлисларнинг кулгуси... Аммо Айшвария Рай ҳаммага инсон ўз тақдирининг эгаси эканлигини исботлади. У биринчи гўзаллик тимсоли ва мамлакатининг тирик рамзи мақомини тиклашга муваффақ бўлди.
Айшвария 1973 йил Ҳиндистоннинг Мангалор порт шаҳрида туғилган. Унинг отаси Кришнаража Рай Ҳиндистон денгиз савдо офицери, онаси Вринда Рай эса машҳур ёзувчи эди. Оила жамиятда имтиёзли мавқега эга бўлгани учун ҳам Айшвария ва унинг акаси Адитя яхши таълим олди. Болалигидан Айшвария классик мусиқа ва рақс санъатини яхши билган ҳамда тил ўрганган. Унинг она тили тулу бўлса-да, тамил, ҳинд, маратхи ва инглиз тилларини яхши биларди, бу эса бўлажак актрисанинг фойдасига хизмат қилган.
Болалигиданоқ Айшвария ўзининг бошқача эканлигини биларди. Ахир у Ҳиндистоннинг маҳаллий аҳолиси учун хос бўлмаган оч кулранг кўзлари билан туғилган. Шунинг учун ҳам унга худди кичкина малика каби муносабатда бўлишди ва у ҳам ўзини худди шундай ҳис қилди.
Юксакларга парвоз
Ота-она “малика”га шаҳарнинг торлик қилиши, бу ерда у ҳеч нарсага эриша олмаслигини тушунди ва Бомбейга кўчиб ўтди. Айшвария элита мактабга юборилди, шундан сўнг у университетга ўқишга кирди. Архитектура факультетида ўқиб, бу унинг соҳаси эмаслигини тушуниб етди. Унинг вазифаси ўзининг гўзаллиги билан одамларни хурсанд қилиш эди. Шундан сўнг у моделга айланди ва бу йўл уни ҳинд гўзаллари эришиб бўлмайдиган чўққиларга олиб чиқди – 1994 йилда мусобақа тарихида биринчи марта Ҳиндистон вакили “Дунё гўзали” тожи ва унвонини қўлга киритди.
Айтишга ҳожат йўқ, шундан сўнг катта реклама шартномалари унинг устига ёмғир каби ёғилди. У Pepsi реклама кампаниясида фаол иштирок этди, машҳур журналлар, шу жумладан, Vogue муқоваси учун суратга тушди. Моделлик бизнесининг ҳар қандай вакили шон-шуҳрат нурларида чўмилиб, унинг бошни айлантирувчи муваффақиятидан завқланар эди, лекин Айшвария эмас. Моделлик дунёси унинг учун кичиклик қилди ва у кино оламига қадам қўйди.
Кино карьерасидаги кесишган йўллар
Айшвария Рай нафақат кинога қадам қўйди, балки тезда Болливудни забт этиб, Голливудга йўл олди. Голливуд тарихда биринчи марта ҳинд актрисасини ўзининг кинематография оиласига қабул қилди. Голливудда Айшвария муваффақиятли, даромад келтирувчи фильмлар ва омадсиз лойиҳаларга эга эди. Аммо тўсиқлар уни йиқитмади: актриса янги продюсер, агентларни қидирди, сценарийларни ўрганди, кастинглардан ўтди ... Ва муваффақиятсизлик ўрнини ғалабага бўшатди.
Карьера ёки шахсий ҳаёт?
2000 йиллар бошида Айшвария Райнинг кинематография карьераси жадал ривожлана бошлади. 2000 йилда катта тижорий муваффақиятга эришган ва кинотанқидчиларнинг юқори баҳоларига сазовор бўлган “Онг ва сезги” ва “Муҳаббатга иштиёқ” фильмлари чиқарилди. Шунингдек, “Севги ҳақида бир неча сўз” фильмида бош ролни актёр Абхишек Баччан, аёл ролини эса Айшвария Рай ижро этди. Фильм кутилмаганда кассада муваффақиятсизликка учради, лекин актёрлар ўртасида аста-секин катта алангага айланмоқчи бўлган севги учқуни пайдо бўлди.
Карьера ёки шахсий ҳаёт? Унинг бутун дунё бўйлаб сафарда бўлишини талаб қиладиган муваффақиятли шартномалари бор эди ва у уларни бекор қила олмасди. 2003 йилда Айшвария Канн кинофестивалида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этди. Кейин у ЛъОреал билан узоқ муддатли реклама шартномасини имзолади, кола ва Де Beeрс учун реклама роликларида қатнашди.
Аммо Айшвария машҳурлик чўққисида ва энг талабгир актриса бўлишига қарамай, Абхишек Баччан билан ўртасидаги ҳис-туйғуларни яшира олмади. Улар учрашган вақтдан бери етти йил ўтганди ва бу якуний қарор қабул қилиш учун етарли вақт. 2007 йил январь ойида актриса Баччан билан унаштирилганини эълон қилди ва 2007 йилнинг 20 апрелида тантанали тўй маросими бўлиб ўтди. Актрисага эндиликда севимли ва меҳрибон рафиқа роли экранларда эмас, балки реал ҳаётда топширилганди.
Фарзандининг дунёга келиши актрисанинг карьерасини барбод қилдими?
2011 йил 16 ноябрда Баччанлар оиласида муҳим воқеа содир бўлди. Мумбайдаги нуфузли клиникада актриса Аарадҳия Баччан исмли қизни дунёга келтирди. Бу вақтда актриса 38 ёшда эди. Албатта, бу ёшда биринчи боланинг туғилиши аёл танаси учун қийин вазифадир. Гормонал ўзгаришлар кескин вазн ортишига олиб келди, ҳомиладорлик пайтида актриса 25 килограммдан ортиқ вазнга эга бўлди. Тўлачадан келган Айшвария Райнинг суратлари бутун дунё бўйлаб тарқалди. Кечаги жонкуяр мухлислар уни “миллат ифтихори”дан “миллат шармандаси” деб номлашди. Кино унинг олдида эшикларини ёпди, реклама шартномалари тугади. Актрисага қарор қилиш вақти келганди: карьера ва унвонлар билан хайрлашиш ёки уларни қайтариб олиш учун курашиш.
Айшвария Рай қандай вазн йўқотди?
Йил давомида актриса махсус парҳезга риоя қилди ва шахсий мураббий билан ишлади. “Заворлар маликаси” ҳеч қачон қатъий парҳез чекловларини маъқулламайди, шунинг учун эҳтиёткорлик билан узоқ вақт давомида узилишларсиз риоя қилиши мумкин бўлган парҳезни танлади. Тез вазн йўқотиш ҳақида гап йўқ эди: ахир кескин вазн йўқотиш ҳам юзда жиддий ўзгаришларга олиб келади, тери осилади, бурмалар ва ажинлар пайдо бўлади. Болливуд юлдузи эса бундай қурбонликларга тайёр эмас эди. Натижада барча вариантларни тўлиқ таҳлил қилингандан сўнг актриса вазн йўқотишнинг анъанавий ҳинд усулига қарор қилди. Бу гўшт, хамир овқатлар, ширинликлар, ёғли овқат ва ҳатто меваларни бутунлай рад этишни назарда тутади. Лимон қобиғи эрталабки бўтқа учун қўшимча сифатида рухсат этилади.
Узоқ вақт давомида актрисанинг кундалик рационини қуйидагилар ташкил этди:
- икки порция қайнатилган жигарранг гуруч (тозаланмаган);
- янги сабзавотлар;
- ёғсиз балиқ навлари;
- кам ёғли табиий сут маҳсулотлари;
- қуритилган мевалар;
- денгиз маҳсулотлари.
Ҳинд диетасида яна бир сир бор – зираворлар. Кўп миқдорда зарчава, долчин истеъмол қилиш метаболизмни тезлаштиришга ва ёғлардан халос бўлишга ёрдам беради. Тўғри овқатланишдан ташқари, актриса шахсий мураббий билан ишлаган. Унинг учун махсус ёга ва медитация элементлари билан машқлар тўплами тузилган. Ва Айшвария югуриш йўлакчасида юриб эмас, балки кўп вақтини қизи билан юришга сарфлашни афзал кўрди. Кутилган “мўжиза” содир бўлди! Актриса ўзининг аввалги қиёфасини қайтаришга муваффақ бўлди!
Кино оламига қайтиш
2015 йилда Айшвария Рай ғалаба билан кинога қайтди. 5 йиллик фаолиятидаги танаффусдан сўнг у “Ўзаро тортишув” фильмида рол ўйнади ва ўзини биринчи марта продюсер сифатида синаб кўрди.
2016 йилда унинг иштирокида иккита фильм чиқди: “Сарбжит” ва “Юрак ишлари”. Фильмдан сўнг буюк Жулия Робертс Айшвария Райни “Ҳиндистоннинг энг гўзал аёли” деб атади. Ва 2017 йилда актриса нуфузли кинофестивалнинг қизил гиламида ҳашаматли ялтироқ кўйлакдаги нозик қоматни намойиш этиб, томошабинларни хурсанд қилди ва Ҳиндистоннинг тирик рамзи унвонига сазовор бўлди.
Актриса ҳақидаги қизиқарли фактлар:
- Айшвария она тили — тулудан ташқари, яна саккизта: ҳинд, бенгал, инглиз, тамил, маратхи, телугу, каннада ва урду тилларини яхши билади. Шунингдек, испан тилидан ҳам бир оз хабардор.
- Актриса бош қаҳрамонни Бред Питт ижро этган “Троя” фильмига таклиф этилган, бироқ актриса рад жавоб берган.
- Айшвария “Мадам Тюссо” музейида мум ҳайкали қўйилган биринчи ҳинд актрисаси.
- Актриса 2012 йилдан буён Франциянинг Санъат ва адабиёт ордени офицери.
Изоҳ (0)