24 октябрь куни БМТ бош котиби, АҚШ ва Канада Исроил томонини Ғазога гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказиш имкониятини таъминлаш учун минтақани ўққа тутишни тўхтатишга чақирди. Исроил барча чақириларни рад этди.
БМТ бош котиби Ғазодаги вазиятни “халқаро инсонпарварлик қонунчилигини бузиш” деб атади ҳамда Исроилни минтақада ўт очишни тўхтатишга чақирди. Бу минтақага инсонпарварлик ёрдамини узлуксиз етказиб беришни йўлга қўйишга имкон беради, деб ёзмоқда SkyNews.
Канада ва Қўшма Штатлар вакиллари ҳам Ғазога сув, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилишини талаб қилди. Шу билан бирга, Америка расмийлари ўт очишни тўлиқ тўхтатишга чақирмаяпти, улар Исроил томонидан Ғазонинг тинч аҳолисига ёрдам етказиш учун “гуманитар пауза” қилишни сўрамоқда, деб ёзади Reuters.
SkyNews хабарига кўра, БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг ҲАМАС билан жанговар ҳаракатларни тўхтатиш талаблари фонида Исроилнинг БМТдаги элчиси уни истеъфога чиқишга чақирмоқда.
Ғазо расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлганлар сони 5 700 кишини ташкил этади. Халқаро ташкилотларнинг хабар беришича, биргина сўнгги бир неча кун ичида секторда икки минг бола ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)