АҚШда йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берди: 158 та машина кўприкда тўқнашиб кетди. Камида етти киши ҳалок бўлди, 25 киши касалхонага ётқизилди, деб хабар бермоқда CNN.
Ҳодиса 23 октябрь куни Нью Орлеан шаҳри яқинида, 55-шосседа содир бўлган. Тўқнашув вақтида машиналардан бири кўприкдан дарёга тушиб кетган, бироқ ҳайдовчи ўзини қутқаришга муваффақ бўлган.
Йирик авария ботқоқликлардаги ёнғин оқибатида юзага келган қуюқ туман туфайли юз берган. Аввалроқ метеорологлар Нью Орлеан ғарбидаги ҳудудни “супер туман” босгани ҳақида хабар берганди. Бу нам ва тутунли шароитда ҳосил бўладиган қалин туман бўлиб, унда кўриш масофасини уч метргача бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, ҳалокатга учраган транспорт воситаларидан бири хавфли суюқлик олиб кетаётган юк машинаси эди.
Қурбонлар сони ортиши мумкин, чунки хавфсизлик хизматлари вайроналарни тозалашда давом этмоқда, машиналар ичида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.
CNN Луизиана ёздан бери мисли кўрилмаган ўрмон ёнғинлари, ҳаддан ташқари иссиқлик ва доимий қурғоқчилик билан курашиб келаётганини эслатди, бундай иқлим штатнинг 62 фоизига таъсир кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)