Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен Hudson институтидаги маърузасида ҲАМАС ва Россия бир-бирига ўхшашини айтди.
“Владимир Путин Украинани ер юзидан йўқ қилиб ташламоқчи. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҲАМАС Исроилни харитадан ўчириб ташламоқчи. Россия ва ҲАМАС бир-бирига ўхшайди. Президент (Владимир) Зеленский айтганидек, моҳият бир хил”, — деди у.
Фон дер Ляеннинг сўзларига кўра, Россия ва ҲАМАС тинч аҳолини, жумладан, болаларни ўлдириш ва гаровга олиш учун атай танлайди.
“Бу ваҳший уруш усули”, — деб таъкидлади Еврокомиссия раҳбари. “Агар назорат қилинмаса, бу юқумли касаллик Европадан Яқин Шарқ ва Ҳинд-Тинч океани минтақасига тарқалиши мумкин.
Улар эришган ҳар қандай муваффақият мавжуд тартибни ағдариш учун янада зўравонликларни келтириб чиқаради”.
Шу билан бирга, Еврокомиссия раҳбари Яқин Шарқдаги кескинлашувнинг олдини олиш имкони ҳали борлигини таъкидлади.
“Исроил ва унинг қўшнилари ўртасидаги мулоқотни давом эттириш мумкин, давом этиши ҳам керак”, — деди у.
Фон дер Ляен Украина халқининг жасорати ҳақида ҳам гапирди:
“Биз ҳеч қачон украин халқининг фидойилиги ва жасорати билан беллаша олмаймиз. Лекин улар томонида қатъий туришимиз мумкин. Қанча керак бўлса, шунча вақт турамиз”.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи буни нафақат тўғри деб билгани учун, балки “украиналиклар Европа қадриятлари ва стратегик хавфсизлиги йўлида курашаётгани учун” қилмоқда.
Изоҳ (0)