19 октябрь куни кечқурун дронлар Ироқ ғарбидаги Америка қўшинлари жойлашган Айн ал-Асад авиабазасига ҳужум қилди, деб ёзмоқда Reuters. Дронлар ракеталар билан уриб туширилган, база атрофи ўраб олинган ва қидирув ишлари олиб борилмоқда, дейди Ироқ ҳарбийлари.
Қурбонлар ва моддий зарар ҳақида хабар берилмаган. Ироқ полициясига кўра, Бағдод яқинидаги яна бир Америка ҳарбий базаси ҳам ракеталар ҳужумига учраган.
Сўнгги 24 соат ичида Ироқдаги Америка қўшинлари жойлашган тўртта ҳарбий база ҳужумга учраган. 18 октябрь куни дрон ҳужуми оқибатида бир неча ҳарбий хизматчи яраланган. Аввалроқ, Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Ироқнинг бир неча қуролли гуруҳлари, агар Вашингтон Исроилни ҲАМАСга қарши курашда қўллаб-қувватласа, АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум амалга ошириш билан таҳдид қилганди.
ҲАМАС ва Исроил уруши
7 октябрь куни ҲАМАС жангчилари Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Ўшандан бери Исроил ҲАМАС назорати остидаги аҳоли зич жойлашган Фаластин ҳудудига йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Исроил армияси гуруҳни йўқ қилиш учун Ғазо секторида қуруқликдаги кенг кўламли операцияга ҳозирлик кўрмоқда.
Изоҳ (0)