Ярим ўрта вазн тоифасидаги чарм қўлқоп устаси Шаҳрам Ғиёсовнинг (14-0-0) навбатдаги жанги тафсилотлари маълум бўлди.
Ўзбекистонлик боксчи катта эҳтимол билан профессионал фаолиятидаги ўн бешинчи жангини ноябрь ойи охирида ўтказади.
Бу ҳақида Шаҳрам ҳамкорлик қиладиган “Мир бокса” промоутерлик компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Ғиёсовнинг бўлажак рақиби ва жанг манзили ҳозирча маълум эмас. Лекин Ғиёсов қоида бўйича кейинги жангини WBA Regular чемпиони Эймантас Станионис ёки рейтингнинг биринчи поғонасида бораётган Вержил Ортизга қарши ўтказиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳрам Ғиёсов сўнгги жангини 18 июнь куни АҚШнинг Ню-Орлеан штатида маҳаллий боксчи Ҳаролд Калдеронга (27-1-0) қарши ўтказиб, ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонган эди ва рақибига илк мағлубиятни тақдим этганди.
Изоҳ (0)