АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Конгресс Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти лавозимидан четлатилганидан кейин вақтинча унинг ўрнини эгаллашга тайёрлигини айтди, деб ёзмоқда Fox News.
Трампнинг сўзларига кўра, “Конгрессдаги дўстлари” ундан “бирлаштириш” вазифасини бажаришни сўраган.
“Улар мендан номзод борасида бир қарорга келгунига қадар (Республикачилар) партиясини қисқа муддатга бошқаришимни сўрашди. Мен буни ўзим хоҳлаганим учун эмас, зарурат бўлса, улар якуний қарорга кела олмаса, қиламан”— деди собиқ президент.
Fox News ёзишича, Маккарти истеъфога чиққанидан сўнг Вакиллар палатасининг юридик қўмита раиси Жеим Жордан ва Вакиллар палатасидаги кўпчиликнинг вакили Стив Скализ бўш ўрин учун ариза топширган. Трамп агар республикачилар консенсусга эриша олмаса, ўзи қисқа “30, 60 ёки 90 кунлик муддат” учун спикер лавозимини эгаллашга тайёрлигини таъкидлади.
3-октябр куни АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Маккартини спикерлик лавозимидан четлаштириш учун овоз берди. Демократик партиядан барча конгрессменлар – 208 киши, республикачилардан саккиз нафари унинг истеъфосини ёқлади.
Маккартининг республикачи танқидчилари асосан унинг молиявий масалалардаги позициясини танқид қилмоқда. Хусусан, у АҚШ ҳукуматига ўзининг “тоза” бюджет лойиҳаси билан (Украинага ёрдамдан ташқари) ҳукумат ходимлари маошсиз қолишининг олдини олишга ёрдам берди. Лойиҳа демократлар ёрдами билан қабул қилинди ва ноябрь ойининг ўрталаригача амал қилади.
Изоҳ (0)