Тирноқлар саломатлик ҳақида кўп нарса сўзлайди. Бунинг учун уларнинг ранги ва шаклига эътибор бериш кифоя. Тирноқлардаги оқ доғлар шифокорлар томонидан лейкохиния деб аталади. Кўпчилик эса косметик камчилик деб ўйлаб бепарво бўлади.
Тери ва тирноқ бир-бирига мустаҳкам бириккан бўлади ва шу сабаб ҳам тирноқ бир хил оч пушти рангда бўлади. Аммо баъзи ҳолларда тирноқ пластинкаси остида бўш жой ҳосил бўлади ва у оқ доғ ёки чизиққа ўхшаб кўринади.
Лейкохиния қуйидаги вазиятларда юзага келади:
тирноқ жароҳатланганда;
баъзи антибиотикларни истеъмол қилгандан кейин;
рух, темир ва калсий микроэлементлари етишмаганда;
Тирноқ пластинкасининг мўртлиги ҳам бекорга бўлмайди ва бу тирноқ эгасига ёғда эрийдиган А ва E витаминлари етишмаётганидан дарак беради. Тирноқлардаги уколдан кейин қолган изга ўхшаган нуқтачалар эса юқумли бўлмаган тери касаллиги — псориаз ва терининг аллергик касаллиги бўлган экземадан дарак бериши мумкин.
Бармоқ учлари йўғонлашган бўлса, “барабан бармоқлар” ёки “Гиппократ бармоқлари” деб аталади. Бунга беморлар бармоғи учининг шишига биринчи марта Гиппократ эътибор бергани сабаб бўлган.
Мазкур симптом тирноқлар олдинга эгилувчан бўлиши билан намоён бўлади ва айрим ҳолларда эндокардит (юрак қон-томир касаллиги) ёки ўпка саратон ва сил касалликларига хос бўлади.
Тирноқларнинг кўкимтир бўлиши қонда кислород камлигини билдиради ва ўпка ҳамда юрак қон-томир касалликлари ҳамда анемияда кузатилади.
Шунга қарамасдан интернетдаги маълумотлар асосида ўзбошимча ташхис қўйиш ва ваҳимага тушиш ярамайди. Сизда юқоридаги аломатлар мавжуд бўлса, терапевт шифокорга мурожаат қилинг.
Изоҳ (0)