Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида Inter Logistics МЧЖга қарашли омборхонада 28-сентябр куни тунда кучли портлаш ва ёнғин содир бўлганди. “Бугун.уз”нинг ёзишича, портлаш содир бўлган омборда кимёвий воситалар сақланган.
Айтилишича, портлашга кимёвий воситаларни сақлашда хавфсизлик қоидалари қўпол бузилиши сабаб бўлган. Бирламчи маълумотларга кўра, омборда хавфсизлик қоидаларига зид равишда сақланган кимёвий воситалар ўзаро реакцияга киришган. Бунинг оқибатида аввал ёнғин келиб чиққан, сўнг кучли портлаш содир бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилганди. ИИВ матбуот котибининг “Дарё”га маълум қилишича, экспертиза жавоби ҳали чиқмаган.
Сергели туманидаги кучли портлаш
Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида Inter Logistics МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш ва ёнғин 28-сентябр куни тунда содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 кишини ташкил этди, бир нафар ўсмир ҳодиса оқибатида вафот этди.
Содир бўлган фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича президент топшириғига кўра ҳукумат комиссияси тузилди. Унга кўра, комиссия фавқулодда ҳолат оқибатида зарар етказилган ҳар бир уй-жойни, жумладан, аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисмлари, дераза ва ромлари ҳамда таъмирталаб аҳволга келиб қолган бошқа бино ва иншоотларга етказилган зарарларни бартараф этиш бўйича моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кўради.
Изоҳ (0)