2022 йил кузда Россиянинг Кобулдаги элчихонаси ёнида ўзини портлатган ўзбекистонлик Хусанжон Осимийга ўлимидан сўнг ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб, “ТАСС” хабар берди.
Маълум қилинишича, Осимий суд томонидан халқаро террорчилик актини содир этишда айбдор деб топилган. Осимийнинг яқин қариндошлари унинг вафоти муносабати билан жиноий ишни тугатишга рози бўлмагани учун Россия қонунчилигига кўра, суд унинг ишини кўриб чиққан.
“Суд Осимийнинг ‘Ислом давлати’ халқаро террорчилик ташкилоти мафкурасини қўллаб-қувватлаганини аниқлади. 2022 йил 5 сентябрдан кечиктирмай, у ушбу ташкилотнинг Афғонистондаги бўлинмаси таркибига кирган. У Кобулдаги Россия элчихонаси биносининг консуллик бўлимига кираверишда портловчи мослама ёрдамида худкушлик ҳужуми уюштирган”, — дея таъкидлади Бош прокуратура.
Террорчилик ҳаракати оқибатида элчихонанинг икки нафар ходими ҳалок бўлган.
Осимийнинг ҳаракатлари Россия Жиноят кодексининг 205,5-моддаси 3-қисми, 361-моддаси 3-қисми (террористик ташкилот фаолиятида иштирок этиш ва халқаро террорчилик актини содир этиш) билан квалификация қилинган.
“Суд Осимийни унга қўйилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топди. Унинг ўлими муносабати билан жиноий иш тугатилди”, — дейилади прокуратура хабарида.
Изоҳ (0)