АҚШда талончилик, одам ўғирлаш ва жинсий тажовузда айбланиб, 28 йил панжара ортида ўтирган Херардо Кабаниллас айбсиз деб топилди. Бу ҳақда USA Today хабар берди.
Лос-Анжелес округ прокурори Жорж Гаскон маҳбусдан суд хатоси учун кечирим сўради ва у билан содир бўлган воқеани “жиддий адолатсизлик” деб атади.
Яқинда ДНК тести Кабанилласнинг 1995 йилда калифорниялик жуфтликка ҳужумга алоқадор эмаслигини исботлади. Project Innocence нотижорат ташкилоти маҳбус учун йиллар давомида курашди: натижада, Кабанилласнинг судланганлиги бутунлай бекор қилинди — у айбсиз деб топилди.
Херардо Кабаниллас ҳибсга олинганида атиги 18 ёшда эди. У аввалига фарзандининг ҳаёти билан жиноятларни қилмаганига қасам ичган, бироқ кутилмаганда ўз айбига иқрор бўлган. Жабрланувчилар дастлаб суратдан Кабанилласни айбланувчи деб топган, бироқ кейинроқ босим остида қолганликларини айтган. Project Innocence’нинг таъкидлашича, терговчилар Кабанилласни агар шундай қилса, шартли равишда озод қилинишига ваъда бериб, уни бунга ишонтирган.
Изоҳ (0)